Навоий шаҳрида Европа стандартлари асосидаги “Nova lazer” клиник шифохонаси ўз фаолиятини бошлади

26 апрель куни мазкур хусусий муассасанинг очилиш маросими ўтказилиб, унда вилоят ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

“Осиё қурилиш” МЧЖ томонидан барпо этилган бино 4 қаватдан иборат.

— Ушбу лойиҳа 150 минг АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли банк кредити ва 2 миллиард сўмлик ўз маблағларимиз эвазига амалга оширилди, — дейди клиника бош врачи Эркин Ашуров. — Тиббий ускуналарни Германия ва Буюк Британиядан келтирганмиз. Хизматларимиз Европа стандартларига тўла жавоб беради. Барча турдаги жарроҳлик амалиётлари тиғ теккизмасдан лазерли усулда амалга оширилади.

40 нафар малакали мутахассислар иш бошлаган муассасада хориж тажрибасини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, яқинда 2 нафар врач Германияда малака ошириб қайтган бўлса, келгусида мазкур ишлар изчил давом эттирилади.