БОСМА ОАВ: ХАЛҚАРО ТАЖРИБАЛАР АМАЛИЁТГА ТАТБИҚ ЭТИЛАДИ

Навоий шаҳридаги Абдулла Қодирий номли вилоят ахборот-кутубхона марказида “Ҳудудий босма нашрларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича таклиф ва тавсиялар” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ҳудудий босма нашрлар бош муҳаррирлари, марказий нашрлар ва расмий ахборот агентликлари, информацион сайтлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда туман ва шаҳар, тармоқ газеталарининг бугунги ҳақиқий ҳолати, газетхон талаби ва таҳририят имкониятлари, ахборотга бўлган эҳтиёжнинг тўлиқ қаноатлантирилиши, медиа маконда соҳа вакилларининг маҳорати ва камчилиги, ҳудудий ОАВга менежмент ва маркетинг йўналишлари бўйича илғор тажрибаларни ўргатиш, жамоатчилик назоратини ўрнатишда журналистнинг роли ва бунда касб этикаси тамойилларига риоя этиш қоидалари хусусида сўз юритилди.

— Республикамизнинг қатор ҳудудларидаги нашрлар фаолиятини ўрганишда бошқарув ва ахборот бозори муносабатларининг бугунги ҳолатига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз, — дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети доценти Назира Тошпўлатова. — Бунда кузатилган айрим муаммолар, хусусан, кадрлар етишмаслиги, моддий-техник базани мустаҳкамлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш бош муҳаррирлардан менежерлик ва медиа бозор муносабатларини доимий ва пухта ўрганиб боришни тақозо этади. Чунки халқаро тажрибаларда бу жуда муҳим жиҳат саналиб, таҳририят нуфузини ошириш, ўқувчини керакли ва ишончли манбалардан хабардор қилиб боришга хизмат қилади.

Семинар-тренингда туман газеталаридан бошлаб вилоят нашрларигача ривожлантириш, бозор иқтисодиёти даврида ўзини ўзи таъминлаш мақсадида халқаро тажрибаларни ўрганиш, саҳифалар дизайнини тубдан ўзгартириш бўйича таклифлар билдирилди. Шунингдек, жамоатчилик назоратини ўрнатишда журналист текширувини олиб бориш эмоционал ёндашувларсиз касбий этика қоидаларига риоя этиш борасида соҳа мутахассислари томонидан тақдимот ва маърузалар қилинди.