ДАВР КУЙЧИЛАРИ ДИЙДОРЛАШУВИ ёки НАВОИЙДАН ГАПИРАМИЗ!

ДАВР  КУЙЧИЛАРИ ДИЙДОРЛАШУВИ  ёки

НАВОИЙДАН  ГАПИРАМИЗ!

 

 Инсон ҳаёти  гўёки оқар дарё. Йиллар йилларни ортда қолдириб, ўтиб бораверади, умр сувдек оқиб ўтаверади. Кимдир ана шу шиддатли тўлқинлардан,  елдек учиб ўтаётган лаҳзалардан бахт, омад, мувафаққиятлар, яхшиликлар топишга улгуради. Эзгулик тарғиботчиси, давр куйчиси бўлган журналистлар ана шундайлардан десак арзийди. Уларга шунинг учун ҳам  кўпчилик ҳавас қилади, улардек бўлишни орзу қилади.

ДАВР  КУЙЧИЛАРИ ДИЙДОРЛАШУВИ  ёки НАВОИЙДАН  ГАПИРАМИЗ!

Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмасининг Навоий вилоят бўлими ташаббуси билан ташкил этилган дийдор кечасида айнан  ана шу касб  эгалари, эл севган, фидоий журналистлар,техник ходимлар-   Навоий вилоят радиосининг  биринчи қалдирғочлари таклиф этилди.

ДАВР  КУЙЧИЛАРИ ДИЙДОРЛАШУВИ  ёки НАВОИЙДАН  ГАПИРАМИЗ!

-1982 йилнинг апрелида Ўзбекистон Республикаси таркибида янги Навоий вилояти ташкил  топган бўлса,-дейди Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмасининг Навоий вилоят бўлими раиси Ёрқул Умаров,- янги вилоятга теле радио ва газета каби мафкура қуроли бўлиши шарт эди. Биринчи бўлиб, вилоят радиоси ташкил этилди. Саксон иккинчи йилнинг 3 август куни биринчи марта  радиода “Навоийдан гапирамиз!” деган янги  тўлқин пайдо бўлди ва у ҳозирги кунга қадар мана 36 йилдирки жаранглаб, кўнгилларга ҳузур , замондошларимиз ҳаётига ўзгача мазмун бағишлаб келмоқда.

-Радиода  ўз фаолиятини бошлаган илк қалдирғочлар бугун элга, юртга таниқли журналистларга айланган. Илк бор радионинг эшигидан қимтиниб, ийманиб кириб келган ёшлар бугун забардаст журналистларга, республикамиздаги етакчи нашрларда фаолият юритаётган ижодкорларга айланганлигидан беҳад мамнунмиз. Шахсан ўзим барча шогирдларимнинг ҳар бир ютуғидан қувонаман, фахр ва ифтихордаман.

-Мен ҳам   вилоят радиосининг илк даврида фаолият кўрсатганимдан хурсандман,-дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ризо Худойқулов.-Ўзим самарқандлик бўлсам ҳам, Навоийда  ўтган ижодий фаолиятим, элга танилган умримдан,  яхши ҳамкасблар билан учраштирган тақдиримдан жуда миннатдорман. Радиода  қаламимиз чархланиб,  кейинчалик  вилоятнинг “Дўстлик байроғи” газетасида узоқ йиллар хизмат қилиб асло кам бўлганим йўқ. Бугунги дийдорлашув мен учун жуда қадрли. Кексаликнинг гаштини сураётган ижодкорга ҳамкасблар дийдори олтиндан ҳам қимматдир.

 

 Биз ҳаммамиз доктор-диктор деб ном қўйган Раҳмонқул Болтаев учун 1982 йилнинг  3 августи    алоҳида  сана ҳисобланади. Чунки...

 -Кечагидек  ёдимда,- дейди Раҳмонқул ака.-На студия, на махсус аппаратураларга эга бўлмаган  вилоят радиосининг эшиттиришлари  белига“ Радиовещание” деб ёзилган  машина кабинасидан  эфирга узатилган. Ҳаво ҳароратининг иссиқлиги, кўчада турган машина эшик -деразаларининг ёпиқлигида қанчалик иссиқ бўлишини тасаввур қилаверинг... Шунга қарамай биз  бошимиздан оёғимизгача терга ботган бўлсак ҳам “ Диққат қилинг, Навоийдан гапирамиз!” деб жарангдор овоз билан ҳаммага қувонч улашардик.  Хуллас,  радиода ҳар томонлама “пишганмиз”... Орадан анча вақт ўтди, махсус студия, замонавий аппаратлар ёрдамида радиоэшиттиришларни узатиш имкониятига эга бўлдик. Аммо ўша қадрдон  оловли кунларни, орзулари осмон бўлган  азиз ҳамкасбларимни  унутмайман, тез-тез соғинаман.

Дастлаб,  эфир тўлқинларида   Навоийдан гапириб, вилоят газетасига ўтиб ишлаган биз ходимларнинг кўпчилиги бугун  радио бизнинг беланчагимиз бўлганлигини миннатдор ёдга оламиз.  Ҳаётда топган яхшиликларимиз,  қадр ва қимматларимиз, олган мукофотларимиз учун илк  ижод остонамиз, илк севимли даргоҳимиз  бўлган вилоят радиокомитетидан, азиз устозларимиздан миннатдормиз.

Дийдор кечасида радиони ўз уйидек яхши кўрган Ёрқул Умаровдан тортиб операторлар Эътиборхон ва Холидахонлар, ғазначи бўлиб ишлаган Дилорому, режисёёр Тўлқин Некқадамов, ижодий ходимлар  Дилфуза Ғуломова, Холбиби Сафарова, Қурбон Тўхтаев, Олим Хўжаев, Зокир Хўжаев, Раҳима Қаймоқова, Насиба Шомуротовалар,  муҳандисимиз Усмон  Жумаевлар  саксонинчи йилларнинг  хотира бўлиб қолган таассуротли  ва қимматли лаҳзаларини  эслашди. Бугун орамизда йўқ бўлган  қадрли инсонлар- азиз устозлар ва  ҳамкасбларнинг  хизматларини, улар билан боғлиқ  ўлмас хотираларни  ёдга олишди.

Навоий вилоят радиосининг илк қалдирғоч ижодкорлари дийдорлашуви юракларга янги илҳом тўлқинларини бахш этди...

 

ДИҚҚАТ! ДИҚҚАТ! ЯНА НАВОИЙДАН ГАПИРАМИЗ!

 

Маруса ҲОСИЛОВА.