НАВОИЙДА ЕВРОПА КИНОСИ ФЕСТИВАЛИ

Навоийда 13-15 октябрь кунлари Европа киноси фестивали бўлиб ўтди.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, “Ўзбеккино” миллий агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган фестивалнинг очилиш маросимида мамлакатимиз ҳамда Европа давлатлари ўртасидаги маданий ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Навоий вилоятида илк бор ўтказилаётган кинофестиваль ҳам бу борадаги ишларнинг амалий намунасидир. Эндиликда Епропа мамлакатларида ўзбек киноси кунларини ташкил этиш борасида ҳамкорликда зарур режалар ишлаб чиқилмоқда.

Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси раҳбари, элчи Эдуардс Стипрайснинг таъкидлашича, Европа кинофестивалини ўтказиш ташкилотнинг энг муҳим ва кенг кўламли лойиҳаларидан биридир. Чунки намойишлар давомида ўзбек томошабинлари Европа киносаноати янгиликларидан бохабар бўлиш, янги мавзуларнинг ўзига хос талқини кўриш имкониятига эга бўлади. Энг муҳими, мазкур фестиваль географиясининг кенгайиб бориши, маданий алоқаларимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Фестиваль доирасида, Буюк Британия, Германия, Швецария, Финляндия ва Франция давлатлари киноусталари томонидан яратилган бадиий ва ҳужжатли картиналар, анимацион фильмлар намойиш этилди. Маданият кунлари француз режиссёри Эрик Барбье томонидан 2014 йилда яратилган “Сўнгги гавҳар тош” фильми намойиши билан бошланди.

Германиялик киноижодкорлар томонидан 2015 йилда суратга олинган “Тўрт қирол”, Буюк Британиянинг 2010 йилда яратилган “Қирол гапиради” бадиий фильмлари, Швейцария кинематографлари томонидан 2015 йилда яратилган “Хайди” бадиий фильми, Финляндиянинг “Кўл ҳақида эртак” ҳужжатли картинаси ҳамда Франциянинг “Қанот қоқиб юбор” оилавий мультфильми томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.

Миллий ва халқаро танловлар совриндорлари бўлган ушбу кино асарлар томошабинларга бепул намойиш этилди.