КИТОБ ЎҚИШ ОИЛАДАН БОШЛАНАДИ

Кармана туманида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилоят бўлимининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан маъқулланган “Интеллектуал салоҳиятли ёшлар – Ўзбекистоннинг ёруғ келажаги” гранти лойиҳаси доирасида ёшлар ва китобхон оила тарғибот тадбири ташкил этилди.

Мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳага алоҳида эътибор қаратиш, аҳоли айниқса, ёшлар ўртаси китобхонлик ва мутолаа маданиятини юксалтириш борасида кенг кўламли тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим босқични бошлаб берди.

Туманнинг “Бешкент” маҳалласида яшовчи Самандар Қобулов ўз хонадонида шахсий кутубхона ташкил этган. 3 минг 500 номдаги адабиётларни жамлаган кутубхона доим ёшлар билан гавжум. Сиёсий, тарихий, илмий, диний ва бошқа мавзулардаги асарлар китоб жавонида тартиб билан жойлашган. Маҳалла ҳудудидаги 5-умумтаълим мактаби ўқувчи-ёшлари бўш вақт топилди, дегунча китобхон оилага тез-тез келишади. Тарғибот тадбирида ҳам мазкур мактаб ўқувчилари фаол иштирок этди.

– Оиламиздаги муҳит сабаб ёшлигимиздан китобга юксак меҳр билан камол топдик, – дейди С.Қобулов. – Ҳануз эсимда, отам хизмат сафари ёки бирор иш билан бирор жойда бўлиб қайтса, бизга ўйинчоқ эмас, совға сифатида китоб олиб келарди. Шу боис, олти ёшимдан китоб ўқишни бошлаганман. Ҳозирда ҳам ўқиган асарларимизни оила даврасида муҳокама қилиш одатий тусга айланган. Невараларим ҳам уй кутубхонамиздан самарали фойдаланади. Уларда китобга меҳр уйғотиш мақсадида тез-тез шундай фикрни таъкидлайман: китобнинг меҳри, жони, ҳиди бор, ундаги қаҳрамонлар билан дўстлашиш китобга бўлган меҳрни оширади. Асардаги воқелик ёки тарихнинг нафаси доим уфуриб туради, гўё.

Учрашувда ёшлар ўзлари ўқиган асарлар ҳақида, тенгдошлари билан китобхонлик бўйича ўтказилаётган танлов ва тадбирларда мунтазам иштирок этаётгани хусусида сўзлаб берди.

– Мен шарқ адабиётларига кўпроқ қизиқаман, – дейди 5-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Фирдавс Тоштемиров. – Хусусан, корейс ва япон халқи асарларида меҳнатсеварлик, сабр-бардош, инсонийлик, халқчиллик сезилиб туради. Ўз навбатида бу хислатлар менталитетимиздаги ўхшашлик ва муштаракликни ифодалайди. Эндиликда мен ҳам уйимизда шахсий кутубхона очиб, унинг фондини сара асарлар билан бойитишни мақсад қилдим.

Тарғибот тадбирида лойиҳа доирасида уй кутубхонасига асарлар тўплами, ўқувчи ёшларга ўқув қуроллари тақдим этилди.