ЗАМОНАВИЙ КИТОБ ДЎКОНИ ИШ БОШЛАДИ

Кармана туманида “Китоб олами” маънавий-маърифий мажмуаси қуриб фойдаланишга топширилди.

Мажмуанинг очилиш маросимида Президентимиз раҳнамолигида аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг маънавий ва интеллектуал эҳтиёжини қондириш, китобга қизиқишини ошириш, мутолаа маданиятини юксалтириш, ёшларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимига қарашли мазкур китоб дўкони бир миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига барпо этилди. Мажмуада энг сара бадиий асар ва китоблар сотилмоқда. Китоб савдо марказида 10 га яқин бўлимлар бўлиб, бу китобхон ва харидорларга манзур бўлаётир. Айниқса, китобхонлар учун мутолаа бурчагининг ташкил этилгани, ўқувчига китоб билан танишиш, асарнинг бадиий қимматини аниқлаб, танлаш имконини беради.

Айни пайтга қадар вилоятда 2 та “Китоб олами” савдо мажмуаси барпо этилди. Хусусан, “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти давлат корхонаси маблағлари ҳисобидан 2 миллиард сўм қийматидаги 3 қаватли замонавий бино барпо этилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашига қарашли савдо мажмуаси ҳам доим ёшлар билан гавжум.

– Биз, ёшларнинг маънавий оламимиз ва дунёқарашимизни бойитиш мақсадида мазкур мажмуанинг барпо этилганидан мамнунмиз, – дейди Навоий давлат педагогика институти талабси, “Шуҳрат” медали соҳиби Лазиз Қаюмов. – Эндиликда, биз ўз маънавий эҳтиёжимиз учун зарур бўлган адабиётларни кўплаб дўконлардан изламасдан, шу ернинг ўзидан харид қилиш имконияти пайдо бўлди. Энг муҳими, бу маърифат мажмуаси барчага бирдек қулайлик яратмоқда.

Мажмуанинг очилишида вилоят ҳокими Қ.Турсунов сўзга чиқди.