Канада компаниясига инвестиция киритиш учун Навбаҳор туманидан 106 гектар ер ажратилди

Хабарингиз бор, жо­рий йил 12-13 март кунлари мамлакатимиз раҳбарининг ви­лоя­тимизга ташрифи чоғида во­ҳани инвестиция ва иннова­циялар ҳуду­дига айлантириш таклифи илгари сурилган эди.

Мазкур ташаббус юзасидан 30 апрель — 1 май кунлари “Invest in Navoi” II  халқаро бизнес форуми бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 40 дан ортиқ, жумладан, Канада, Германия, Испания, Россия, Корея, Хитой, Эрон, Жазоир каби мамлакатларидан 300 нафарга яқин инвестор, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчилари, дипломатлар иштирок этди. Форумнинг биринчи куни меҳмонлар Навбаҳор ва Кармана туманларига ташриф буюриб, мазкур ҳудудлардаги туристик объетларни кўздан кечиришди. Асосий тадбирлар “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ҳудудидаги кор­хоналарда бўлиб ўтди. Бу ерда ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлиги намойиш этилди. Хусусан, хорижлик тадбиркорлар туманимизнинг қишлоқ хўжалиги имкониятлари, бентонит конларига катта қизиқиш билдиришди.

Анжуман доирасида Канаданинг “Advansedbiotechnologies” компанияси  билан ҳамкорликда этанол ва биодизел ишлаб чиқариш лойиҳаси юзасидан меморандум имзоланди. Мазкур корхонага Қушқочди қишлоғи ҳудудидан 106 гектар ер майдони ажратилган. Мазкур компания 1982 йилдан буён фаолият юритаётган бўлиб, унинг маҳсулотлари дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатида сотилади.

Дарҳақиқат, ҳудудларга инвестицияларни фаол жалб этишда бизнес форумларнинг аҳамияти катта. “Invest in Navoi” халқаро анжумани кўламининг йилдан йилга кенгайиб бораётгани эса хорижлик инвесторларнинг вилоятимизга қизиқиши тобора ортиб бораётганидан дарак беради.