Ижодий уюшма низоми

Ижодий уюшма низоми

ЎЗБЕКИСТОН ЖУРНАЛИСТЛАРИ ИЖОДИЙ УЮШМАСИ НАВОИЙ ВИЛОЯТ БЎЛИНМАСИ НИЗОМИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1.1. Мазкур низом Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси (бундан буён Уюшма деб юритилади) томонидан белгиланган тартибда ташкил этилган Навоий вилоятининг бутун ҳудудида Уюшма номидан иш кўрадиган хамда Уюшма Уставида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун масъул бўлган юридик шахс мақомига эга бўлган ҳудудий бўлинма фаолиятини тартибга солади.
1.2. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилоят бўлинмаси (бундан буён Бўлинма деб юритилади) мустақил, ўзини ўзи бошқарувчи жамоат ташкилоти бўлган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг ҳудудий тузилмаси – филиалидир.
1.3. Бўлинма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонун ҳужжатлари, Уюшма Устави ва мазкур Низом асосида амалга оширади.
1.4. Бўлинма давлат рўйхатидан ўтган кундан бошлаб юридик шахс ҳисобланади.
1.5. Бўлинма мустақил равишда бошқа халқаро ташкилотларга аъзо бўлиб кириш ҳуқуқига эга эмас.
1.6. Бўлинма Низомда белгиланган вазифаларни амалга оширишда маҳаллий давлат органлари, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, ҳаракатлар, юридик шахслар ва фуқаролар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
1.7. Бўлинма ўзининг мол-мулкига, мустақил баланси, банк муассасаларида миллий ва валюта ҳисоб рақами, думалоқ муҳри, штампи, ўз номи ёзилган бланкаларига эга бўлади.
Бўлинма ўз фаолиятида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг белгиланган тартибда Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилган рамзидан фойдаланади.
1.8. Бўлинма ўз фаолиятини Навоий вилоят ҳудуди амалга оширади.
1.9. Бўлинманинг расмий номланиши:
- Ўзбек тилида кирилл алифбосида: Тўлиқ номи – Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилоят бўлинмаси.
Қисқартмаси - ЎзЖИУ Навоий вилоят бўлинмаси.
Ўзбек тилида лотин алифбосида: Тўлиқ номи – O’zbekiston Jurnalistlari ijodiy uyushmasi Navoiy viloyat bo`linmasi. Qisqartmasi – O’zJIU Navoiy viloyat bo`linmasi.
Рус тилида: Тўлиқ номи – Навоийское областное отделение творческого союза журналистов Узбекистана. Қисқартмаси – Навоийское областное отделение ТСЖУз.
1.10. Бўлинманинг доимий фаолият юритувчи раҳбар органи жойлашган ери (почта манзили): 210100, Ўзбекистон Республикаси, Навоий вилояти, Навоий шаҳри, Навоий кўчаси, 36-уй.

II. БЎЛИНМАНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ

2.1. Бўлинма Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг уставда кўзда тутилган мақсад ва вазифаларини Навоий вилояти ҳудудида амалга оширади, шу жумладан, тегишли ҳудудда Уюшманинг манфаатларини ифодалайди ва ҳимоя қилади.
2.2. Бўлинманинг асосий мақсади вилоятда фаолият юритаётган журналистларнинг ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, мулкчилик шаклидан қатъий назар, газета-журналлар, телерадиоканаллар, нашриётлар, ахборот агентликлари ва интернет нашрларида ишлаётган, шунингдек, эркин ижодкорларнинг ижтимоий-иқтисодий, ижодий ҳамда муаллифлик ҳуқуқларини, шаъни ва қадр-қимматини, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашишдан иборат.
2.3. Бўлинманинг асосий вазифалари:
мамлакатимизда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий воқеалар, бунёдкорлик жараёнлари, юртимизда мавжуд улкан иқтисодий ва тарихий-маданий салоҳиятни вилоят аҳолиси ва бутун жаҳон аҳлига таништиришга тизимли кўмак бериш;
сўз ва ахборот эркинлиги қарор топишига, фуқароларнинг босма ва электрон нашрлар орқали холис ва ҳаққоний ахборот олишга бўлган ҳуқуқларининг кафолатларини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;
жамият ҳаётида демократия ва ошкоралик тамойилларини қарор топтириш мақсадида фикрлар хилма-хиллиги, турли қараш ва ёндашувларга кенг йўл очишга кўмаклашиш;
белгиланган тартибда матбуот ва оммавий ахборот воситалари фаолиятига оид қонунчилик яратилишида ва улар ижросини таъминлаш жараёнида иштирок этиш;
матбуот ва оммавий ахборот воситалари фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича социологик тадқиқотлар ўтказиш, улар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган концепциялар, таклифлар, тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда тегишли давлат ҳокимияти идораларига, нашрлар муассисларига таклифлар киритиш;
журналистларни ижтимоий муҳофаза қилиш, рағбатлантириш, уларнинг меҳнат, турмуш ва дам олиш шароитларини яхшилашга ёрдам бериш;
журналистиканинг умумэътироф этилган касб ахлоқ-одоби тамойиллари асосида холис ва эркин журналистика маданиятини шакллантиришга кўмаклашиш;
жамиятда барча халқлар ва элатларнинг тили, маданияти, миллий анъаналарига ҳурмат билан ёндашиш, жамиятда тинчлик-осойишталик ва миллат яхлитлигига раҳна солувчи, миллатлараро ва динлараро низо уйғотишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатга муросасизлик муҳити қарор топишига кўмак бериш;
жамият тараққиётига тўғаноқ бўлаётган нуқсон ва иллатлар, муаммо ва камчиликларни холис ва ҳаққоний ёритиш юзасидан ОАВда чоп этилган танқидий-таҳлилий материаллар мониторингини олиб бориш;
журналист кадрларнинг профессионал маҳоратини оширишга қаратилган, муайян йўналиш ва соҳалар бўйича ихтисослашган ижодий кенгашлар, клублар, марказлар ва бошқа тузилмаларни белгиланган тартибда ташкил этиш;
вилоят матбуот ва оммавий ахборот воситалари ижодий ва техник ходимларининг касб маҳоратини ошириш, уларнинг ижодий-амалий тажриба алмашувига кўмаклашиш;
журналист кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан олий ўқув юрти муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш;
матбуот ва оммавий ахборот воситаларида тил софлиги, теранлиги, услубий ранг-баранглик қарор топишига эришиш, журналистларнинг нотиқлик ва сухандонлик маҳоратини ошириш, манфаатли ташкилотлар билан ҳамкорликда семинарлар, мулоқот ва мунозаралар, ўзаро фикр алмашувларини ташкил этиш;
долзарб мавзуларда конференциялар, симпозиумлар, семинарлар, давра суҳбатлари, ижодий танловлар ва бошқа турли тадбирлар уюштириш;
ўзига хос ижод мактабини яратган ўзбек журналистлари, етук матбуот ходимлари тажрибасини оммалаштириш, “Устоз–шогирд” анъаналарини қўллаб-қувватлаш ва кенг ёйиш;
кекса, кўмакка муҳтож журналистларни ижтимоий ҳимоя қилиш;
ёш журналистлар билан мунтазам иш олиб бориш, касб маҳорати ошишига кўмаклашиш, белгиланган тартибда улар иштирокида турли клублар ва тўгараклар ташкил этиш;
журналистларни давлат мукофотлари ва фахрий унвонларга тавсия этиш учун Уюшмага номзодларни тақдим этиш;
босма, электрон ва бошқа оммавий ахборот воситалари саноати ривожига кўмаклашиш;
мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш;
назарий ва амалий журналистикага оид халқаро эътироф этилган стандартлар, янгилик ва илғор тажрибаларни ўрганиш, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг миллий ва умуминсоний стандартларини ишлаб чиқиш ва улар ижросини таъминлаш борасида Уюшмага кўмаклашиш.

III. БЎЛИНМАНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

3.1. Бўлинма қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ҳудуддаги Уюшма аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини давлат ва нодавлат ташкилотлари олдида ифодалаш ҳамда химоя килиш;
ижтимоий хаётнинг турли масалаларига доир ташаббуслар билан чиқиш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига таклифлар киритиш;
давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг қарорларини ишлаб чиқишда қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда иштирок этиш;
ўз фаолияти тўғрисида ахборот тарқатиш;
қонун ҳужжатларига мувофиқ мазкур Низом мақсадларига мос келадиган доираларда Уюшма Бошқаруви билан келишган ҳолда тадбиркорлик тузилмаларини ташкил этиш;
ўз фаолиятига тааллукли масалалар юзасидан йиғилишлар ва семинарлар ўтказиш.
3.2. Бўлинма қуйидаги мажбуриятларга эга:
- Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва таъсис ҳужжатларига риоя этиши;
- Уюшма раҳбар органлари қарорларини бажариши;
- ўз мол-мулки ва пул маблағларидан фойдаланиши, шу жумладан молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаши;
- рўйхатдан ўтказувчи орган билан тадбирлар ўтказишни келишиб олиши ва унинг вакилига ўтказилаётган тадбирларга эркин кириш имконини бериши;
- рўйхатдан ўтказувчи органга, давлат солиқ хизмати органларига ва давлат статистикаси органларига ўз фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этиши шарт.
3.3. Бўлинма қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

IV. УЮШМА АЪЗОЛАРИ, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА БУРЧЛАРИ

4.1. Уюшмага аъзо бўлиш тартиби
4.1.1. Уюшма Уставини тан оладиган, матбуот ва оммавий ахборот воситаларида камида уч йиллик иш стажига эга ижодий ходимлар, штатда турмаса ҳам журналистик фаолият билан мунтазам шуғулланиб келаётган, шунингдек, журналистика соҳасида илмий-тадқиқотчилик, педагогик, ташкилотчилик фаолияти олиб бораётган, Уюшма мақсад ва вазифаларини қўллаб-қувватловчи, кириш бадалини тўлаган, ўн саккиз ёшга тўлган ва Уюшма фаолиятида шахсан иштирок этаётган шахслар Уюшма аъзоси бўлиши мумкин.
Бунинг учун номзоднинг марказий матбуотда йигирмадан зиёд ёки вилоят миқёсида қирқдан зиёд материаллари ёхуд публицистикага оид камида битта рисоласи эълон қилинган бўлиши лозим.
4.1.2. Уюшмага аъзолик номзоднинг Уюшма Раиси номига ёзган аризаси, Уюшма аъзоси бўлган уч нафар журналистнинг тавсифномаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўлинмалари тавсиясига кўра, Уюшма Бошқаруви қарорига асосан амалга оширилади. Уюшма аъзоларига аъзолик билети ҳамда кўкрак белгиси Республика Бошқаруви йиғилишида топширилади.
4.1.3. Уюшма томонидан аъзоликка қабул қилиш бўйича тегишли ҳужжатлар келиб тушган кундан бошлаб уч ой ичида кўриб чиқилади ва тегишли қарор қабул қилиш учун навбатдаги Уюшма Бошқаруви йиғилишига киритилади.
4.1.4. Илгари Журналистлар уюшмаси аъзоси бўлган Ўзбекистон фуқароларининг Уюшмага аъзолиги сақлаб қолинади.
4.1.5. Касбий фаолиятини тўхтатган журналистика фахрийларининг Уюшмага аъзолиги тегишли бадаллар тўланмаган ҳолда сақлаб қолинади.
4.1.6. Кириш ва аъзолик бадали миқдори Уюшма Бошқаруви қарорига кўра белгиланади.
4.1.7. Уюшма аъзолари тенг ҳуқуқ ва бурчга эга бўлиб, Уюшма уставининг 3.2, 3.3-бандларида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга.
4.2. Уюшма аъзолигидан чиқариш тартиби
Уюшма аъзолари:
Уюшма мақсад ва вазифаларига зид фаолият олиб борганда;
Уюшма Устави талабларини қўпол равишда бузганда;
Журналист ахлоқ-одоб меъёрларига амал қилмаганда;
сабабсиз уч йил ижодий фаолият билан шуғулланмаган тақдирда ҳамда ўз аризасига биноан Уюшма Бошқаруви қарорига асосан Уюшма аъзолигидан чиқарилиши мумкин.

V. БЎЛИНМАНИНГ РАҲБАР ОРГАНЛАРИ

5.1. Бўлинманинг ҳудуд миқёсидаги олий раҳбар органи Умумий йиғилишдир. Умумий йиғилиш бир йилда камида бир марта Уюшманинг раҳбар органлари ёки Бўлинма Раиси томонидан чақирилади.
Умумий йиғилишнинг чақирилиши ҳамда унинг кун тартиби ўн кун олдин эълон қилинади. Бўлинма Умумий йиғилиши таркиби ҳудуддаги Уюшма аъзоларидан таркиб топади. Навбатдан ташқари Умумий йиғилиш Бўлинма Раиси ёки ҳудуддаги Уюшма аъзолари умумий сонининг учдан бири талабига биноан чақирилади.
5.2. Умумий йиғилиш ваколатига қуйидагилар киради:
Бўлинма фаолиятига раҳбарлик қилиш;
Бўлинма фаолиятига тааллуқли ваколати доирасидаги барча масалалар юзасидан қарор чиқариш;
Бўлинма Раисининг ҳисоботини эшитиш;
Уюшмага аъзоликка қабул қилиш бўйича номзодларни Уюшма Бошқарувига тавсия этиш;
Уюшма Бошқаруви билан келишган ҳолда Бўлинма қошида юридик шахс мақомига эга бўлган тузилмалар – матбуот нашрлари ва марказлари,
теле-радиоканаллар ва бошқа ОАВини таъсис этиш ва тугатиш;
Бўлинма Низомига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш юзасидан Уюшма Бошқарувига таклифлар киритиш;
Бўлинма раиси ўринбосари, тафтиш комиссиясини беш йил муддатга сайлаш ва муддатидан олдин уларнинг зиммаларидан ваколатларини соқит қилиш;
Бўлинманинг йиллик иш режаларини тасдиқлаш.
ўз ваколатига кирадиган бошқа турли масалаларни кўриб чиқиш.
5.3. Умумий йиғилишда ҳудуддаги Уюшма аъзоларининг учдан икки қисми қатнашганда Умумий йиғилиш ваколатли ҳисобланади. Умумий йиғилишда қатнашган аъзоларнинг ярмидан кўпроғининг овози билан қарорлар қабул қилинади. Овоз бериш тартибини (очиқ ёки ёпиқ) Умумий йиғилиш белгилайди.
5.4. Бўлинма Раиси Уюшма Бошқаруви Раиси томонидан лавозимга тайинланади ва шу тартибда лавозимдан озод этилади.
5.5. Бўлинма Раиси Уюшма устави, мазкур низом, Уюшма раҳбар органлари ва Бўлинма Умумий йиғилиши қарорларига асосланиб иш юритади.
Бўлинма раиси:
Умумий йиғилиш мажлисларини олиб боради;
Уюшма раҳбар органлари ва Бўлинма умумий йиғилиши томонидан қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлайди, Бўлинма фаолиятига раҳбарлик қилади;
давлат органлари, жамоат ташкилотлари, бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан Бўлинма номидан иш юритади;
Бўлинманинг молиявий ва банк ҳужжатларини имзолайди;
Бўлинманинг пул маблағларидан Уюшма Бошқаруви тасдиқлаган бюджет доирасида фойдаланади;
Бўлинманинг жорий маъмурий-хўжалик ишларини бошқаради;
Бўлинмани молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқаради ва амалга оширади;
Бўлинмага Уюшма Бошқаруви тасдиқлаган штатлар жадвалига асосан ходимларни ишга олади ва ишдан бўшатади. Бўлинманинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқ ва кўрсатмалар беради;
Бўлинма штатидаги ходимларни моддий рағбатлантиради, Ўзбекистон қонунчилигида кўзда тутилган тартибда уларга маъмурий чора кўради;
турли идора, муассаса ва ташкилотларда Бўлинманинг ваколатли вакили ҳисобланади;
Уюшма Бошқаруви билан келишган ҳолда Умумий йиғилиш қарорига биноан Бўлинма қошида ташкил этилган юридик шахс мақомига эга бўлган тузилмалар – матбуот нашрлари ва марказлари, теле-радиоканаллар ва бошқа ОАВини таъсис этиш ҳужжатларини имзолайди, Уюшма Раиси билан келишган ҳолда уларнинг раҳбарларини ишга олади ва ишдан бўшатади;
5.6. Бўлинма Раисининг меҳнат таътилидалиги, вақтинча бетоблиги, хизмат сафаридалиги ёки бошқа сабабларга кўра Бўлинма Раисининг ваколатлари ва вазифаси тўлиқ ёки қисман Уюшма раҳбари томонидан бошқа шахсга юкланиши мумкин.
5.7. Бўлинма Раиси бирон-бир сабаб туфайли ёки ишдан четлаштирилганлиги ёхуд бошқа сабабларга кўра лавозимидан озод қилиниши муносабати билан Уюшма Раиси томонидан унинг вазифасини вақтинча бажарувчи тайинланиши мумкин.
5.8. Бўлинма референти:
Бўлинманинг ижтимоий-сиёсий фаолияти, ижодий йўналиши ва оммавий-ташкилий масалаларига доир дастурий вазифаларни амалга оширади;
оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш, журналистлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бу борада бўлинманинг маҳаллий давлат ва жамоат ташкилотлари билан боғлиқ фаолиятининг ташкилий жиҳатларини мувофиқлаштириш ишлари билан шуғулланади;
Умумий йиғилиш ва Бўлинма Раиси томонидан берилган бошқа ваколатларни амалга оширади.
5.9. Тафтиш комиссияси:
Бўлинманинг Тафтиш комиссияси Бўлинма Умумий йиғилишида 5 йил муддатга сайланади. Комиссия ўз таркибидаги 5 йил муддатга комиссия раисини сайлайди. Тафтиш комиссияси Уюшма раҳбар органлари ва Бўлинма Умумий йиғилиши қарорларининг бажарилишини ҳамда Бўлинманинг молиявий-хўжалик фаолиятини тафтиш қилади ва текширади.

VI. БЎЛИНМАНИНГ МУЛКИ ВА МАБЛАҒЛАРИ

6.1. Бўлинма Низомда кўзда тутилган фаолиятни моддий таъминлаш учун уй-жой фонди, асбоб-ускуна, инвентарлар, транспорт воситалари, пул маблағлари, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар, интеллектуал мулк объектларига эгалик қилиш ҳуқуқига эга.
6.2. Бўлинма маблағларини шакллантириш манбалари қуйидагилардан иборат:
Уюшма томонидан ажратилган маблағлар;
кириш ва аъзолик бадаллари;
давлат субсидиялари, грантлари, банк кредитлари;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий ҳомийлик ёрдами;
Бўлинма томонидан қонунларда кўзда тутилган тартибда ўтказилган лекциялар, кўргазмалар, лотереялар ва аукционлар, спорт ва бошқа маданий-оммавий тадбирлар ва томошалардан тушган тушумлар;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
6.3. Бўлинманинг пул маблағлари Уюшма Бошқаруви тасдиқлаган Бўлинманинг йиллик молиявий харажатлари сметаси доирасида сарфланади.
Сметада назарда тутилмаган харажатларга Уюшма Бошқаруви рухсати билан йўл қўйилади.
6.4. Бўлинма мол-мулкини тасарруф қилиш Уюшма Бошқаруви қарорига асосан амалга оширилади.
6.5. Бўлинма қонунларда белгилаб қўйилган тартибда Уюшма Бошқаруви билан келишган ҳолда ишлаб чиқариш ва бошқа тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, фақат Низомдаги вазифаларни бажариш мақсадида Уюшма Бошқаруви билан келишган ҳолда юридик шахс мақомига эга бўлган корхоналар ва хўжалик ҳисобидаги ташкилотлар барпо этиш ҳуқуқига эга.
6.6. Бўлинманинг ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар Уюшма аъзолари ўртасида қайта тақсимланмайди ва ундан фақат Низом вазифаларини бажариш учун фойдаланилади.
6.7. Давлат органлари Бўлинма мажбуриятлари учун жавобгар эмас, Бўлинма ҳам давлат органлари мажбуриятлари учун масъул эмас.

VII. БЎЛИНМАНИНГ ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТИ

7.1. Бўлинма ўз фаолиятининг натижалари хисобини юритади ҳамда рўйхатдан ўтказувчи органга, давлат солиқ хизмати органларига ва давлат статистикаси органларига ўз фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этади.
7.2. Бўлинма Уюшма Устави ва мазкур Низомда белгиланган мақсад ва вазифаларининг бажарилиши юзасидан белгиланган муддатларда Уюшма Бошқарувига ҳисобот тақдим этади.

VIII. НИЗОМГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ

8.1. Бўлинма Низомига ўзгартиш ва қўшимчалар Уюшма Бошқаруви қарорига асосан киритилади.
8.2. Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгач, Бўлинма рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатда қайта рўйхатдан ўтади ва рўйхатдан ўтган пайтдан бошлаб юридик кучга эга бўлади.
8.3. Низом қоидаларини Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига зид тарзда талқин қилиш мумкин эмас ҳамда Низом қоидаларининг Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига зид тарзда ифода қилинган бандлари ҳақиқий эмасдир.

[center]IX. БЎЛИНМА ФАОЛИЯТИНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ҚИЛИШ ВА ТУГАТИШ ТАРТИБИ[/center]

9.1. Бўлинмани қайта ташкил этиш Уюшма Бошқаруви қарорига биноан бирлашиш, қўшилиш, бўлиниш, ажралиб чиқиш ва ўзгартириш йўли билан амалга оширилади. Бўлинмани қайта ташкил этиш Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
9.2. Бўлинма фаолияти Уюшма Бошқаруви қарори ёки Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда суднинг қарорига асосан тугатилиши мумкин.
9.3. Бўлинма фаолияти тугатилган тақдирда, тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган орган томонидан Тугатиш комиссияси тузилади ва у Бўлинмага боғлиқ барча ҳисоб-китобларни амалга оширади.
9.4. Бўлинма қайта ташкил этилганда ёки тугатилганда ҳуқуқ ва мажбуриятлари, мол-мулки унинг ҳуқуқий ворисига ўтади ёки Низомда кўзда тутилган мақсадларга ишлатилади.


РАИС: С.ҲАКИМОВ


Бундан ташкари Сиз Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилоят булинмаси низомини юклаб олишингиз мумкин:
nizom.doc