Энг улуғ, энг азиз    Навоийда “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг вилоят босқичида 50 нафардан ортиқ ёзувчи ва шоирлар, журналист ҳамда рассомларнинг 500 дан ортиқ ижодий ишланмалар кўриб чиқилди.

    Мамлакатимиз мустақилигининг 26 йиллиги муносабати билан “Фидойинг бўлгаймиз, сени Ўзбекистон!” шиори остида ташкил этилган кўрик-танловнинг тақдирлаш маросимида Президентимиз раҳнамолигида ижодкор ва ёзувчиларни қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва қобилиятини намоён этишига муносиб шароитлар яратиш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

 

    Кўрик-танловнинг ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари номинацияси бўйича биринчи ўринни ижодкор шоир Бобоқанд Умаров қўлга киритди. Босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг журналистик ишлари номинациясида Навоий кон-металлургия комбинати ахборот хизмати мутахассиси Салима Холдорова ғолиб бўлди. Телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари ҳамда тасвирий санъат ва фото дизайн асарлари номинациялари бўйича вилоят телерадиокомпанияси мухаррири Нигора Холмирзаева ва “Тасвирий оина” ижодий уюшмаси вилоят бўлими дизайнери Темурбек Ибодуллаев биринчи ўринни эгаллади. Кино санъати асарлари номинациясида ғолиблик эркин ижодкор Жавоҳир Нарзуллевга насиб этди.

    – Мамлакатимизда ижод аҳлига кенг имконият ва шароитлар яратилмоқда, – дейди Ж.Нарзуллаев. – Шундай имкониятлардан фойдаланиб, кўрик-танловда “Тўрга тушган хандалар” ва “Фирибгарлар” сериалларимиз билан иштирок этиб ғолиб бўлдик. Фильмларда фирибгарликдан огоҳ бўлиш ҳамда биргина ҳажв орқали жамиятдаги айрим иллатлар аччиқ кулгуга олинган. Айни пайтда Навоий информатика ва электрон саноат касб-ҳунар коллежида таҳсил олиш баробарида режиссурага катта қизиқиш билан кириб келмоқдаман. Келажакда миллий кино санъатимизни юксак даражаларга кўтаришни мақсад қилганман.

      Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.

 

Нуриддин РАҲИМОВ,
ЎзА мухбири