ЖУРНАЛИСТЛАРНИНГ ЖАМИЯТДАГИ НУФУЗИ ОШАДИ

     Пойтахтимиздаги Миллий Матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг IV  конференцияси  бўлиб ўтди. Унда делегат сифатида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган журналистлар, депутатлар ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.

ЖУРНАЛИСТЛАРНИНГ ЖАМИЯТДАГИ НУФУЗИ ОШАДИ

     Конференцияда уюшма раиси С.Ҳакимов 2014-2019 йиллардаги  фаолият ҳақида ҳисобот берди ҳамда келгусидаги режалар ҳақида гапириб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон Журналистларининг касб этикаси кодексини қабул қилиш, Ўзбекистон Журналистлари касб этикаси  бўйича жамоатчилик кенгаши низомини тасдиқлаш, Ўзбекистон Журналистлари  ижодий уюшмасига аъзолик билан боғлиқ  масалалар ҳам кўриб чиқилди.

     Кодекс ва низом қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб, иштирокчилар улардаги айрим бандларни ўзгартириш юзасидан таклифлар беришди. Хсусан, тайёрланаётган журналистик материалларида адабий тил меъёрларига риоя қилиш бўйича муҳокама қилинаётган ҳужжатга тегишли қоидиларни киритиш лозимлиги ва бошқа талабларни илгари суриш ҳам алоҳида қайд этилди.

     Иштирокчилар журналистлар уюшмасига аъзолик ижодкорларга қандай имтиёз бериши хусусида қизиқди. Уюшма раиси аъзоларга прописка,  арзонлаштирилган уй-жойга эга бўлиш,  соғликни тиклаш учун санаторийларда бепул дам олиш, чет элларда малака ошириш каби масалаларда имкониятлар берилишини таъкидлади.

     Тадбир давомида уюшма томонидан яқинда чоп этилган “Ёш юраклар садоси” номли китоб тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Мазкур тўпламдан республикамиз таҳририятларида фаолият юритаётган 70 нафарга яқин ёш журналистларнинг публицистик мақолалари ўрин олган. Эътирофлиси китобда Р.Сабуров, С.Қурбонов, З.Бобоева, Н.Рўзиева, З.Қутлиева, И.Сатторов, Э.Мустафина каби навоийлик ёш журналистларнинг мақолалари ҳам бор.

     Конференцияда ҳар бир кўрилган масала овозга қўйилиб, тасдиқланди. Берилган таклифларни инобатга олган ҳолда муҳокама қилинган ҳужжатларга тегишли қўшимчалар киритиш белгиланди.

Озод МУСТОФОЕВ