МЕН ШОИР ЭМАСМАН

Ҳажвчи Ёрқул УМАРОВ ижодидан намуналар


Тумонат одам йиғилган мажлислар залида таниқли ёзувчи билан учрашув бўлаяпти. Қишлоқ фуқаролар йиғини раиси даврани бошқариб борарди.
-Ҳурматли ҳамқишлоқлар гувоҳи бўлиб турганингиздек, бугун биз ҳаммамиз учун ҳурматли,ажойиб севимли шоиримиз Қутпиддин Қўрқмасов билан учрашиб турибмиз.
-Мен шоир эмасман!-Луқма ташлади меҳмон.
-Аввал айтганимдек шоир акамиз жуда кўп поэмалар, достонлар ва кулгили, ичакузди шеърлар ёзган. Сизлар бу инсоннинг асарларини ўқигансиз, ўзини телевизорда кўргансиз.
-Мен шоир эмасман, ахир!-деди зарда билан Қўрқмасов.
Ҳақиқатан ҳам у кишининг шеърлари зўрлигидан океан ошиб, бошқа тилларга таржима ҳам қилинган ва севиб ўқилмоқда.
-Мен шоир эмасман,ёзувчиман
-Э, Қутпиддин ака қўясизми, йўқми , ўзи сиз шоирсиз, “ёзувчи”лар мана залда ўтиришибди!-дермиш раис ўша қишлоқнинг “юмолоқ хат” ёзиб юрадиган шотирларини назарда тутиб.